Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб Ҳошимий ал-Қураший, кунялари Абу Муҳаммад. У кишининг оналари оламдаги аёлларнинг саййидаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотимаи Заҳродирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари ва бу дунёдаги райҳонлари, хулафои рошидинларнинг бешинчиси ва охиргиси, ўн икки имомнинг иккинчиси, жаннатдаги ёшларнинг саййиди, фасоҳатли сўз устаси, яхшиликни хуш кўрувчи, оқил, ҳалим, олийжаноб инсонлардан эди.
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу ҳижратнинг учинчи йили Мадинада таваллуд топдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини жуда ҳам яхши кўрар эдилар.
Баро ибн Озиб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик Ҳасанни тиззаларига қўйиб олиб:
«Эй Аллоҳ, бу Ҳасанни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўр», деб дуо қилар эдилар».
Ҳижратнинг 40-йили оталари Али ўлдирилгач, Ироқ аҳли Ҳасанга байъат бердилар. Ҳасан билан бўлган кишилар Муовия билан жанг қилишни маслаҳат қилдилар. Муовия бу хабарни эшитиб, аскарларини уруш ҳолатига тайёрлади. Аскарлар «Маскан» деган жойда тўқнашганларида Ҳасан бу урушда мусулмонларнинг қони кўп тўкилажагини кўриб, Муовияни сулҳга чақирдилар. Орадан олти ой ўтгач, ҳижратнинг 41-йили халифаликларини Муовияга топширдилар. Фитналар барҳам топиб, мусулмонлар сўзи жам бўлганлиги учун бу йилни «Омул жамоа» йили деб номлашди.
Ҳақиқатда, мана шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари зоҳир бўлди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу набирам Ҳасан сабабли Аллоҳ мусулмонлар орасидаги жамоатни ислоҳ қилади», деб марҳамат қилган эдилар.
Имом Ҳасан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар.
Шунингдек, у киши оталари Алидан, инилари Ҳусайнлардан ҳам ривоят қилганлар.
Бу зотдан Оиша, Шаъбий, Сувайд ибн Ҳафла, Шақиқ ибн Салама, Ҳубайра ибн Ярим, Мусаййиб ибн Нажоба, Муовия ибн Худайж, Исҳоқ ибн Башшар, Муҳаммад ибн Сирийн ва бошқалар ривоят қилганлар.
Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.
Ҳасан ибн Али ҳижратнинг 50-йили вафот этдилар ва Бақийъ қабристонига дафн этилдилар.