1446 йил 2 жумадис сони | 2024 йил 04 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Усмон ибн Абул Осс -

Усмон ибн Абул Осс ибн Бишр ибн Абдуллоҳ ибн Дуҳмон. Кунялари Абу Абдуллоҳ бўлган.

Бу улуғ саҳоба Сақиф қабиласидан элчи бўлиб келиб, Исломни қабул қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини қавмларига бошлиқ қилдилар. Бу зот Исломда фақиҳ бўлишга, Қуръонни ўрганишга жуда ҳам қизиқар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида Тоифга бошлиқ бўлдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин Тоиф аҳли муртад бўлишни ихтиёр этишганида бу зот уларни насиҳат ва ҳикматлар айтиб, қайтариб қолишга муяссар бўлдилар. 

Усмон ибн Абул Осс: «Эй Тоиф аҳли! Исломга киришда шошилмай, охири кирган эдингиз, энди Исломдан қайтишда шошилиб, биринчилардан бўлиб қайтасизларми?» деганларида халқ у кишининг сўзларига қулоқ солиб, Ислом дийнида қолди. 

Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу ҳолатни кўргач, Усмон ибн Абул Оссни яна Тоифга бошлиқ қилиб тайинладилар. Бу киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларининг иккинчи йилигача Тоифда бошлиқ бўлдилар. 

Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу у кишини Уммон ва Баҳрайн фатҳига бошлиқ қилдилар. У ерларни фатҳ этишда иштирок этиб, Шаҳрик подшоҳни ўлдирдилар. Бундан ташқари, Форс ва Ҳинд ерларини фатҳ этишда катта ҳисса қўшдилар.