1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Амр ибн Абаса -

Амр ибн Абаса ибн Омир ибн Ҳомид ас-Самий, кунялари Абу Нужайҳ. Исломга биринчи бўлиб кирганлардан ҳисобланадилар. Амр Исломга кирган кунларини шундай баён қиладилар: «Қалбимга нимагадир «Бутларга ибодат қилиш ботил» деган фикр келди. Бир одамга бу фикримни айтсам, у менга: «Эй Амр, сен ўйлаган нарсани Маккада бир одам гапираётган эмиш», деб қолди. Бу гапдан кейин Маккага бордим. У одам ҳақида сўраган эдим, менга: 

«Кечқурун Каъбани тавоф қилгани келади, кундузи бекиниб юради», дейишди. Каъба ёнида ухлаётганимда кимнингдир «Лаа илааҳа иллаллоҳу» деган сўзидан уйғониб кетдим. У одамга бориб: 

«Кимсан?» дедим.

У киши менга: 

«Аллоҳнинг Расулиман», дедилар. 

«Аллоҳ сени нима билан юборди?» деб сўрадим. 

У:

«Аллоҳга ширк келтирмасдан, Унга ибодат қилишга, ўзаро қон тўкмасликка, қариндош-уруғлар орасида борди-келдини тиклашга», деб жавоб бердилар.

У кишига: 

«Ҳозир сиз билан ким бор?» десам, 

«Бир ҳур ва бир қул бор», дедилар. 

«Қўлингизни беринг, сизга байъат қиламан», деб, Исломга кирдим. 

«Ҳозир тўртта мусулмон эканмиз. Сиз билан турайми?» дедим. 

«Йўқ қавмингга қайт, агар менинг бошқа жойга кўчганимнинг хабарини эшитсанг, келгин», дедилар. 

Мен қавмимга қайтиб, у ерда кўп вақт турдим. Кейин менга бир одам «Муҳаммад Маккадан Ясрибга кўчди», деб қолди. Ясриб томон йўл олдим. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб: 

«Мени танияпсизми?» дедим. 

«Ҳа, сен менга Маккада байъат қилган эдинг», дедилар. Кейин билсам, орада Бадр, Уҳуд, Ҳандақ жанглари ўтиб кетган экан».

Амр ибн Абаса Мадинага келиб, шу ерда турдилар. Сўнг Шомга кўчиб ўтдилар.

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Улардан эса Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Умома ал-Боҳилий, Саҳл ибн Саъд, тобеъинлардан Абу Идрис Ҳувлоний, Салим ибн Омир, Касийр ибн Мурра ва бошқалар ривоят қилганлар.