1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Савбон розияллоҳу анҳу -

Савбон ибн Юждуднинг кунялари Абу Абдуллоҳ бўлган. Ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматкорларидан бўлиб, Яман билан Макка орасидаги Сирот деган жойдан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини сотиб олиб: 

«Агар биз билан бир оилада яшашни хоҳласанг, биз билан яшагин. Агар бошқа киши билан яшашни хоҳласанг, ихтиёр ўзингда, сен озодсан» деганларида, бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қолишни ихтиёр қилдилар. Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафот этгунларига қадар у зотнинг хизматларида бўлдилар.

Савбон розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 128та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан Шаддод ибн Авс, Жубайр ибн Нуфайр, Абу Идрис Ҳавлоний, Абу Салом Ҳабаший, Маъдон ибн Абу Толҳа, Абул Ашъас Саъоний, Абу Асмо Раҳабий, Абу Хайр Язаний ва бошқалар ривоят қилганлар.

Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобалардан: 

«Қайси бирингиз «Кишилардан ҳеч нарса сўрамайман» деб ваъда беради? Мен ана шу кишининг жаннатга киришига кафилман», деб сўраганларида бу ваъдани Савбон бердилар ва ҳаётларининг охиригача ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамадилар».

Бу зот Миср фатҳида иштирок этдилар. Шомда ва Фаластиннинг Рамла деган жойида истиқомат қилдилар. Сўнгра бу ердан Хумсга кўчиб ўтдилар. Ҳижратнинг 54-санасида ана шу ерда вафот этдилар. Савбон ибн Юждуд ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида юрган пайтларида, бир куни одамлар у кишидан Аллоҳга энг маҳбуб амал ҳақида сўрадилар. У киши сукут сақлаб, жим қолдилар. Яна савол берилди. Савбон розияллоҳу анҳу яна жим эдилар. Одамлар Аллоҳга энг маҳбуб амал ҳақида учинчи марта сўраганларида, ушбу биз ўрганаётган ҳадисни айт­дилар.