1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Амр ибн Осс -

Амр ибн Осс ибн Воил Суҳамий ал-Қураший, кунялари Абу Абдуллоҳ (милодий 574-663 йилларда яшаб ўтганлар) Хайбар йилида Исломга кирдилар. 

Бу зот Холид ибн Валид ва Усмон ибн Талҳалар билан биргаликда Мадинага ҳижрат қиладилар ва Исломга кирганлари ҳақида хабар бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қиладилар. Сўнгра Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ислом ва ҳижрат олдинги гуноҳларни ўчиради», дея марҳамат қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Амр ибн Осс Қурайш қабиласининг солиҳ кишиларидан», деганлар. 

Амр ибн Осс арабларнинг паҳлавонларидан эдилар.

Бу зот ҳаммаси бўлиб 39 та ҳадис ривоят қилдилар. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан, Абу Усмон ан-Наҳдий, Қобиса ибн Зувиб, ўғиллари Абдуллоҳ ва бошқалар ривоят қилганлар.

Аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни Зотус Салосилга, сўнгра Уммонга бошлиқ қилдилар. Кейинчалик Шом, Миср ва Фалас­тинда бир неча йил амир бўлиб турдилар.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу вафот этишларидан олдин кўп йиғладилар. Ўғиллари: 

«Нега йиғлаяпсиз, ўлимдан қўрқяпсизми?» деб сўраганларида, у зот: 

«Ўлимдан кейин нима бўлишимдан қўрқяпман», дедилар. Шунда ўғиллари: 

«Қўрқманг, отажон, ҳаётингиз яхшилик билан ўтди. Исломга кирдингиз, доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлдингиз. Шом ва Мисрни фатҳ этдингиз», дедилар. 

Шунда Амр ибн Осс айтдилар: 

«Менинг ҳаётим уч қисмга бўлинади. Олдинига кофир эдим, агар шундай ҳолатда ўлганимда, одамлар «Худога шукр, бундан қутулдик», дейишар эди. Сўнгра Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлдим. Агар шундай ҳолатда ўлганимда, жаннатга тушишим аниқ бўлар эди. Булардан кейин амир бўлиб, бойликлар ва ҳашаматли уй-жойларга эга бўлдим. Улар менинг фойдамга бўлдими ёки зараримгами, шу тўғрида билмасдан армондаман».

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 43-санасида Фитр ийди куни Мисрда вафот этдилар. Жанозаларини ўғиллари Абдуллоҳ ўқидилар ва ана шу ердаги Миқто қабристонига дафн этилдилар.