Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳу ибн Ғазийята Ансорий ал-Мазиний ҳадис илмида олим ва ишончли тобеъинлардан бўлганлар. Ҳадисларни оталари ва амакилари Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Осимлардан ривоят қилганлар. Баъзилар у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришганлар, деб айтишади.
Бу зотдан Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Ҳазм ва бошқалар ривоят қилганлар.
Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳунинг амакилари Абдуллоҳ ибн Зайд ал-Ансорийдирлар. Бу кишининг ўзлари ҳам, ота-оналари ҳам, ака-укалари ҳам саҳобий бўлганлар. Улар Бани Мазин ибн Нажжор авлодидан бўлгани учун ушбу ҳадиснинг ровийси номларига ал-Мазиний нисбати қўшиб зикр қилинар экан.
Пайғамбарлик даъвосини қилган Мусайламатул Каззоб бу кишининг акалари Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг гўштларини қиймалаб ўлдирган экан. Кейинчалик Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу Ваҳший билан биргаликда Мусайламатул Каззобни ўлдирганлар.
Абдуллоҳ ибн Зайд ал-Мазиний розияллоҳу анҳудан 48та ҳадис ривоят қилинган экан. Шулардан 8тасини Имом Бухорий ҳам, Имом Муслим ҳам олган эканлар. Бу киши розияллоҳу анҳу 63-ҳижрий санада Зулҳижжа ойида Ҳарра номли жойда шаҳид бўлганлар.