1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Абдуллоҳ ибн Жаъфар -

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ал-Қураший, оналари Асмо бинти Умайс. Оталари ва оналари Ҳабашис­тонга ҳижрат қилганларида Ҳабашистон ерида биринчи Исломда туғилган бола Абдуллоҳ ибн Жаъфар бўлдилар.

Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилганларида Абдуллоҳ ҳам оталари билан ҳижрат қилдилар. Бу зот Али билан Муовия ўрталарида бўлган Сиффийн жангида Ҳазрати Али аскарлари устидан бошлиқ бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳалим ва сахий зотлардан бўлганлари учун «сахийлар денгизи» деган ном олган эдилар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилдилар. Оналари Асмо ва амакилари Али ибн Абу Толиблардан ҳам ривоят қилдилар.

Бу зотдан Исмоил, Исҳоқ, Муовия, Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн, Қосим ибн Муҳаммад, Урва ибн Зубайр ва бошқалар ривоят қилганлар. Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳижратнинг 80-санасида (милодий 700 йил) 92 ёшларида Мадинада вафот этдилар. Жаноза намозини Мадина амири Молик ибн Марвон ўқидилар.