1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Маймуна розияллоҳу анҳо -

Мўминларнинг онаси Маймуна бинти Ҳорис ибн Ҳазн ал-Ҳилолия.

Бу фозила аёл жоҳилият даврида Масъуд ибн Амр ибн Умайр Сақафий билан турмуш қурган эдилар. Сўнг у кишидан ажрашиб кетдилар ва Абу Руҳм ибн Абдулизза ибн Абу Қайсга турмушга чиқдилар. Кўп ўтмай, Абу Руҳм вафот этиб, ҳазрати Маймуна бева қолдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилганларидан Маймуна ниҳоятда хурсанд эдилар. Бир куни опалари Умму Фазлга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббатлари ҳақида сўзладилар. Улар Хадича онамиздан сўнг Исломни қабул қилган аёллар эдилар. Умму Фазл Аббосга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, «Маймуна сизга қўлини беряпти», деб айтинг», дедилар. Аббос бундай совчилик қилишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиниб, ўзлари бормай, акаларининг ўғлини юбордилар. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна онамизга тўрт юз (беш юз, деганлар ҳам бор) дирҳам маҳр бериб, уйландилар. Бу иш еттинчи ҳижрий санада содир бўлди.

Маймуна онамиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги уйланган аёллари эдилар.

Ибн Шиҳоб айтадилар: «Маймуна онамиз ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳиба қилган эдилар. Шунингдек, Қатода ҳам «Аллоҳ таоло Маймуна ҳақида «Мўмина аёл ўзини Пайғамбарга ҳиба қилди» деган ояти каримани нозил қилди», дейдилар.

Ҳазрати Маймуна Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан 76та ҳадиси шариф ривоят қилдилар. Шулардан биттасига Имом Бухорий ва бештасига Имом Муслим якка ҳолда, еттитасига биргаликда иттифоқ қилишди. Маймуна онамиздан опа-сингилларининг ўғиллари: Абдуллоҳ ибн Аббос, Язийд ибн Мадад ибн ал-Ҳад, Абдурраҳмон ибн ас-Саиб ал-Халамий, Язийд ибн ал-Асом ва Убайдуллоҳ ал-Жавланий, Сулаймон ибн Ясар, Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Маъбад, Кариб Мавлии ибн Аббос, Убайда ибн ас-Сибоқ ва Олия бинти Собиъ ва бошқалар ривоят қилганлар. 

Маймуна онамизнинг вафот этган йиллари тўғрисида ихтилоф бор. Ибн Саъд ва ал-Ҳакимнинг айтишларига қараганда, у киши вафот этганларида ёшлари саксон бирда эди.