1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Оиша розияллоҳу анҳо -

Ҳазрати Оиша бинти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо ҳижратдан саккиз йил аввал туғилганлар. Бу зот Расулуллоҳнинг энг яқин саҳобалари, хулофаи рошидинлардан бири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизлари, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидир. Оналари Умму Руммон Зайнаб бинти Омир эди. Бу киши ҳижратнинг олтинчи йили вафот этганлар.

Ҳазрати Оиша онамизнинг лақаблари Сиддийқа ва унвонлари Уммул мумининдир. Жуда кичиклик пайтларидаёқ ўн саккиз кишидан сўнг Исломни қабул қилганлар, ҳижратдан икки йил аввал Маккада Расулуллоҳга никоҳланганлар.

Ҳазрати Оиша тафсир, ҳадис, фиқҳдан, араб тарихи ва адабиётидан яхши воқиф эдилар. У киши замоналарининг улуғ донишмандларидан бўлиб, ҳатто ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон давр­ларида таниқли саҳобалар ва олимларга дарс, фатво берадиган даражада юксак салоҳият ва иқтидор соҳибаси эдилар. Уйда ва сафарларда доимо Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга бўлганликлари учун асҳоби киромдан кўпчиликка насиб этмаган дийний аҳкомлардан воқиф бўлганликлари сабабли энг етакчи саҳобалар ҳам ҳал эта олмаган дийний масалаларни ҳазрати Оишадан сўрардилар.

Оиша онамиз Расули акрамдан 2210та ҳадис ривоят қилганлар ва бу соҳада Абу Ҳурайрадан сўнг турадилар. Ҳазрати Оишадан саҳоба ва тобеъинлардан кўплари ҳадис нақл этишган. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ларида бундай ҳадислардан 2258 саҳифа тўпланган.

Ҳазрати Оиша Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саккиз йилу беш ой бирга яшадилар. Ўн саккиз ёшларида Пайғамбаримиз вафот этдилар. Оиша онамиз олтмиш беш йил яшадилар ва ҳижратнинг 58-йилида Мадинада вафот топдилар.

Оиша онамизда кўпгина нодир фазилатлар тўпланган эди. У киши жуда ақлли ва зеҳнлари ўткир, илмли аёл эдилар. Оиша онамиз тилни, шеърни, тиб фанини, насаблар ва уруш тарихларини яхши билар эдилар. 

Зуҳрий Оиша онамиз ҳақларида айтадиларки, «Агар Расулуллоҳнинг барча аёлларининг илмини ва жамики аёлларнинг илмини тўплаб туриб, Оишанинг илмига солиштирилса, албатта, Оишанинг илми афзалдир».

Оиша онамизнинг илмлари тўғрисида Урва: «Тиб фанида, шеъриятда ва фиқҳ илмида Оишадан илм­лироқ бирор кишини кўрмадим», дедилар.

Ҳазрати Оиша оталари Абу Бакр Сиддиқдан, Умар ва Саъд ибн Аби Ваққос, Усайд ибн Ҳузайр ва бошқалардан ҳам ривоят қилдилар. Аммо Оиша розияллоҳу анҳодан аксар саҳобалар кўплаб ҳадислар ривоят қилдилар. Шулардан: Абу Ҳурайра, Абу Мусо Ашъарий, Зайд ибн Холид ал-Жуҳалий ва София бинти Шайба розияллоҳу анҳумларни зикр қилишимиз мумкин. Оиша онамиздан тобеъийнлардан бўлган икки юзга яқин киши ҳадис ривоят қилган. Улар орасида Саъийд ибн Мусаййиб, Алқама ибн Қайс, Масруқ ибн ал-Аждаъ, Оиша бинти Талҳа, Амра бинти Абдураҳмон, Ҳамса бинти Сийрин ва бошқалар бор.

Оиша онамиз аҳёнда ёлғиз ўзлари баъзи бир масалаларни ҳал этар эдилар ва ўзларига хос бўлган ижтиҳод қилар эдилар. Гоҳида у киши уламо саҳобалар билмай қолган масалаларни ҳам ҳал этар эдилар. Ҳатто Заркаший шу маънода китоб ёзиб, уни «Оишанинг саҳобалар билмаганини идрок этган жавоблари» деб номлаган. Абу Мусо розияллоҳу анҳу:

«Биз, Аллоҳнинг Расулининг саҳобалари, билмаганларимизни доимо Оишадан топар эдик», деганлар.

Масруқ розияллоҳу анҳу: «Катта шайх саҳобаларнинг Оишадан фарзлар ҳақида сўраётганларини кўрдим», дедилар.

Ҳазрати Оишанинг ёшлигидан камолига қадар бутун ҳаёти макорими ахлоқнинг жонли намунаси бўлмиш Расули акрамнинг завжиятида ўтди. Оиша онамизнинг ахлоқи юксак, ниҳоятда тақводор ва қаноатли аёл эдилар. Пайғамбар алай­ҳиссаломнинг ҳар бир амрларига итоат этар, у кишини хушнуд этмоқни ўзларининг энг буюк вазифалари деб билар эдилар.