1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Абдуллоҳ ибн Амр -

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс тақво ва зуҳдлари билан машҳур саҳобалардан эдилар. У киши оталари Амр ибн Оссдан аввал Исломга кирдилар. Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бардавом бўлиб, у зотга нозил бўлаётган оятларни ёдлабгина қолмай, ёзиб ҳам олар эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амрга: «Сени кундузларни рўза тутиб, кечаларни намоз ўқиб ва Қуръонни хатм қилиб ўтказишингдан хабарим бор. Умринг уза­йиб, ёшинг улғайиб, буларга тоқат қилолмай қолишингдан қўрқаман. Ойда уч кун рўза тут, бир марта Қуръонни хатм қил», дедилар. Абдуллоҳ:

«Эй Расулуллоҳ, бундан ҳам кўпроғига қудратим етади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бўлмаса, ҳафтада икки кун рўза тутиб, Қуръонни ўн кун­­да бир хатм қил», дедилар. Абдуллоҳ: 

«Бундан ҳам зиёдасига қурбим етади», деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Унда рўзадорларнинг саййиди Довуд алайҳиссалом рўза тутганидек рўза тут. У киши бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасдилар. Ҳар уч кунда Қуръонни хатм қил», дедилар. 

Абдуллоҳ ибн Амр ёшлари ўтиб қолганига қарамай бу амалларида бардавом қолдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи васалламдан мингга яқин ҳадис ривоят қилганлар. Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишда мендан Абдуллоҳ ибн Амр ўзиб кетди», дер эдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ҳижратнинг 93-йили вафот этдилар.