Ҳожи - ҳаж маросимларини тўла-тўкис бажарган шахс. Одатда бундай кишиларга Ҳ. сўзини қўшиб мурожаат қиладилар (мас. Аҳмад ҳожи, ҳожи бува, ҳожи ота, ҳожи она ва ҳ.к.). Курбон ҳайити кунларидан бошқа вақтларда Макка ва Мадинани зиёрат қилганлар умрачи ёки арабча "муътамир" деб аталади. Қуйидаги шартларга жавоб берган кишилар Ҳ. бўла олади; 1) ислом динида бўлиш; 2) балоғатга етмоқ; 3) эсли-ҳушли бўлмоқ; 4) қодир бўлмоқ, яъни: а) жисмонан соғломлик, б) ҳаж сафари учун ҳамда Ватанда қолаётган оила аъзоларининг харажати учун кифоя қиладиган маблағга эга бўлмоқ, в) аёл киши учун маҳрам (унга уйланиши мумкин бўлмаган эр қариндош) билан бориши. Ўзи бормасдан бировга ҳақ тўлаб, сиртдан ҳаж (ҳажжи бадал) қилган одам ҳам Ҳ. ҳисобланади. Ҳ.лик - бирор имтиёз берадиган мансаб ёки лавозим эмас. Аксинча, у кишига жамоада камтарин, тақводор, ҳусни хулкли бўлиб юриш масъулиятини юклайди. Ногирон кишилар ҳаж қилмоқчи бўлсалар, уларга доим қараб турадиган ёрдамчи лозим.