1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Ҳизбут - таҳрир -

Ҳизбут - таҳрир (тўла номи "Ҳизбут таҳрир ал-исломий" - "Ислом озодлик партияси") — норасмий сиёсийлашган диний тузилма (оқим). 1953 й.да Исроилда пайдо бўлди. Асосчиси - шайх Тақиюддин Набаҳоний (1909-1979). У Мисрдаги "ал-Азҳар" университетини тамомлаган, Қуддус и.да шаръий шикоят судининг аъзоси лавозимида ишлаган. Иорданиядаги "Мусулмон биродарлар" диний экстремистик ташкилоти раҳбарларидан бири бўлган. "Ҳ.т." тузилма жиҳатдан пирамида кўринишида ташкил топган. "Дорис"лардан таркиб топган "ҳалқа"даги 4-5 киши гуруҳ раҳбари -"мушриф"дан сабоқ олади. Бундай кичик "ҳалқа"ларга бўлиниш, ташкилот асосчиларининг фикрича, фош бўлиш имкониятини мумкин қадар камайтиради. Машғулот ҳафтада камида 1 марта ўтказилиши шарт. Бундай "дарс"ларда номигагана диний таълим берилиб, асосий эътибор ёшлар тарбиясидаги маънавий бўшлиқдан фойдаланиб, уларнинг онгига ғаразли сиёсий фикрларни жойлашга қаратилади. Ҳалқа аъзолари бир-бирларини фақат исми ёки тахаллуси орқали билади. Ташкилотга аъзо бўлаётган номзод ҳар қандай шароитда ҳам ҳизб фаолияти ҳақидаги маълумотни сир сақлаш ҳақида қасам ичади. Минтақавий раҳбар - "муътамад", бутун дунё бўйича "Ҳ.т." ҳаракати раҳбари, яъни "амир" томонидан белгиланади ва вилоят даражасида ишлайдиган "масъул" ҳамда туман миқёсида фаолият кўрсатувчи "мусоид"га раҳбарлик қилади. Туманлар ҳам алоҳида ҳудудларга бўлинади ва 4 мушрифдан иборат "нақиб" раҳбарлик қилувчи "маҳаллий жиҳоз"ни ташкил этади. "Ҳ. т." кўпгана мусулмон давлатлари, жумладан Миср, Иордания, Тунис, Ироқ, Жазоир, Судан, Яман ва б. давлатларда ўз фаолиятини яширин олиб бормоқда. Бугунги кунда бу тузилмага фаластинлик Абулқадим Заллум раҳбарлик қилмоқда. Мазкур диний ташкилот 1992 й.дан Ўзбекистонда махфий фаолият юрита бошлади. Ҳизбчиларнинг мақсади: тинч, осойишта давлатда фуқаролар урушини бошлаш, мамлакат иқтисодий фаолиятини издан чиқариш, миллатлар ва динлараро низоларни келтириб чиқариш, мамлакатга қурол-яроғ ва гиёҳванд моддаларни олиб кириб, фуқароларнинг тинч ҳаётига рахна солиш, мустақил давлатни курол-яроғ ишлаб чиқарувчи хорижий мамлакатларга қарам қилиш. Бу диний ташкилотнинг 3 кураш босқичи бор. Булар 1) тасқиф - тушунтириш ишлари. Онга тўлиқ шаклланмаган ёшларни ўз тузоғига илинтириш. Фикри заиф, таъсирга берилувчан ҳуқуқ-тартибот органлари, ҳокимиятлардаги масъул шахсларни ўз тарафига оғдириш; 2) тафоул - биргаликда ҳаракат қилиш, фикрий кураш орқали "умматнинг оёққа туриши, фикрий онглилиги йўлида фикрий инқилобга этишиш; 3) инқилоб - тўнтариш, ҳукуматни уммат орқали қўлга киритиш. "Ҳ.т."нинг ғояси ислом таълимотидан узоқ, демоқратик-ҳуқуқий давлат конституциясига зиддир. У виждон эркинлигини суистеъмол этиб, сиёсий ҳокимиятга интилиш йўлини тутган. "Ҳ.т." 1989 й.дан турли тилларда "ал-Ваъй" (Онг) номли ойлик журнал чиқариб, махфий равишда тарқатиб келади. "Ҳ.т."нинг расмий фаолияти араб давлатларида тақикланган. Ушбу ташкилотнинг Иорданиядаги масъули шайх Ахмад ад-Даур 1969 й. ҳукуматни эгаллашда айбланиб қатл этилган, 32 аъзоси Мисрда судланган.