Ҳашвийлар - ал-Ҳашавия (ёки аҳл ал-ҳашв) - антропоморфик (худони инсон қиёфасида тасаввур этувчи) қарашларни тарғиб этган мусулмон анъаначилари (традиционалистлар)нинг лақаби. 8-а.да антропоморфик иборалар қўллаган, Қуръон ва илоҳий такдири азални абадий эканлигини эътироф этган "ҳадис тарафдорлари" (ашоб ал-ҳадис)га нисбатан аҳл ал-ҳашв номи ишлатилган. Улар қаторига Каҳмас ибн ал-Ҳасан ал-Басрий (766 й. Басрада в.э.), Аҳмад ал-Ҳужаймий, Мудар ибн Холид ал-Куфий ва б.ни қўшиш мумкин. Мунозара адабиётида аҳд ал-ҳашв кўпинча ўйламасдан сўзлайдиган кишилар, пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)нинг сўзлари ва ишлари ҳақида ўз билганича сафсата тўқийдиганларга нисбатан ҳақоратомуз лақаб сифатида қўлланилган.