1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Гургоний -

Гургоний - Абулқосим Али (10-а. охири -ваф.тахм. 1058) - тасаввуфнинг Хуросон мактаби шайхларидан. Туғилган ва вафот этган йили, қабрининг қаердалиги ҳақида аниқ маълумотлар етиб келмаган. Али ибн Усмон Ҳужвирий (ваф.тахм. 1072) "Кашф ул-маҳжуб" асарида Г. билан бир неча марта (аксарият Тус шаҳрида) учрашиб, баъзи масалаларни ундан сўраганлиги ҳақида ёзади. Г.нинг Тусда хонақо ва масжиди бўлиб, у ўз даврининг қутби дея эътироф этилган. "Силсилат уз-заҳаб"даги 9-пири муршид. Тасаввуф таълимини Абу Усмон Мағрибий ва Абулҳасан Ҳарақоний (ваф. 1034)дан олган. Тасаввуфдаги нисбаси, бир томондан, Абу Усмон Магрибий, Абу Али ал-Котиб, Абу Али ар-Рудборий орқали Жунайд Бағдодий (ваф. 910)га, иккинчи томондан, Абулҳасан Ҳарақоний орқали Боязид Бистомий (ваф. 848 ёки 875)га бориб боғланади. Манбаларда Г. икки йўналиш "саҳв" ва "сукр"ни ўзида бирлаштирган муршид сифатида зикр этилади. Г. Абу Али Формадий (1011- 1085)нинг тасаввуфдаги устозидир. Шайх Абусаид Абулхайр (967-1049) билан яқин алоқада бўлган. Ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар "Табақот ус-сўфия", "Рисолаи Қушайрий", "Нафаҳот ул-унс", "Насойим ул-муҳаббат" цингари асарлардан жой олган.