1446 йил 2 жумадис сони | 2024 йил 04 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Фитрат -

Фитрат - Абдурауф Абдураҳим ўғли (1886-1938.4.10) - маърифатпарвар, Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси. Дастлаб Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Маккага бориб, Ҳаж амалини бажарган. Истанбулда дорилфунун ва мадрасада ўқиган (1909-13). Бухорога қайтгач, жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган. Ф. "Мунозара" ("Ҳиндистонда бир фаранги ила бухороли мударриснинг жадида мактаблари хусусинда қилғон мунозараси"; Истанбул, 1909), "Баёноти сайёҳи ҳиндий" ("Ҳинд сайёҳи баёноти"; Истанбул, 1912) асарларида ислом динининг софлиги учун курашган ҳамда хурофот ва бидъатни қоралаган. "Раҳбари нажот" ("Нажот йўли"; Петроград, 1915) асарида миллат тараққиётининг нажот йўли (дастури) сифатида Қуръони каримни кўрсатган. "Мухтасар ислом тарихи" (1915) рисоласида ислом динининг тарихи холислик билан ёритилган. У "Шарқ сиёсати" (Тошкент, 1919) ва "Йиғла, ислом" каби публитсистик асарларида Шарқ ва ислом дини устидан Ғарб ва христианликнинг зўравонлик қилишини тасвирлаган ва оъқувчининг Шарқни озод қилишга чақирган. Ф. совет режими томонидан 1937 й. 24 апрелда қамоққа олинган. Унга "пантуркизм ва панисломизм"нинг бош мафкурачиси деб сиёсий айблар қўйилган ва кейинчалик отиб ташланган.