1446 йил 2 жумадис сони | 2024 йил 04 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Фарз -

Фарз - (араб. - қатъият, мажбурият) - шариатда ҳамма мусулмонлар бажариши қатъий буюрилган амаллар. Ф. икки тур - "фарзи айн" ва "фарзи кифоя"га бўлинади. Биринчи тури барча мусулмонларга баб-баробар буюрилган бўлиб, уларнинг адади 40 атрофида, мас., намозда 12 та, шундан олтитаси намоздан ташқарида, олтитаси намознинг ичида, таҳоратда 4, таяммумда 4, ғуслда 3, рўзада 3, таом ейишда 4 "фарзи айн" бор (1) Ҳалол бўлиш; 2) Зарурий микдорда ейиш; 3) Таом қувватини яхши ишларга сарфлаш; 4) Таом берувчига (Аллоҳга) шукр айтиш). Амри маъруф, наҳий мункар, илм олиш ҳам "фарзи айн"га киради. "Фарзи кифоя" эса, бир қисм мусулмонлар бажарса қолганлар зиммасидан соқит бўладиган ишлар. Мас., жаноза намози, кафанлаш, мурдани ювиш, дафн этиш кабилар. Ф.нинг бу турига кирувчи ишларни ҳеч бир мусулмон бажармаса, ҳамма мусулмонлар гуноҳкор бўладилар.