Эҳром - (араб. - чегараланиш, ибодат ҳолатига ўтиш) - 1) мусулмонларнинг катта ва кичик ҳаж қилиш (ҳаж ва умра) вақтидаги алоҳида кийими. Э. - ҳажни дили билан ният қилиш, ҳаромдан муҳофазаланиш дегани, эҳромдаги киши "муҳрим" деб аталади. Муҳрим одобдан ташқари сўз сўзлаш, хотини билан яқинлик қилиш, гуноҳ ишларга қўл уриш, бир- бири билан қичқиришиб ғижиллашишдан сақланиши лозим. Муҳрим киши қуруқ ерлардаги ҳайвонни ўлдирмайди, тикилган либос киймайди, оёғига маҳси, этик, пайпоқ киймайди, юзини, бошини бирор нарса билан тўсмайди, хушбўй нарса суртмайди, тирноқ, соч, мўйларини олмайди. Агар бу қоидалардан бирортасини бузса, ҳайвон сўйиб ёки садақа қилиб каффорат тўлайди. 2) Э. ҳолатига кирганлар танага ўрайдиган мато. Э. 2 бўлак (изор ва ридо) бўлиб, бири билан чап елкани, 2-си билан белдан пастни ўралади. Ҳожилар ҳаж кунларида муқаддас жой (Маккадаги Каъба)га кириш учун Э.га ўралади. Э. ҳаж ибодатини кўрсатилган тартибда мукаммал бажаргандан сўнг ечилади.