Эътикоф - Қуръон ва суннат ила собит бўлган шаръий амал. Зуҳрийнинг хабар беришича, Расулуллоҳ (сав) то вафот этгунларича Э.ни тарк этмаганлар. Имом Абу Ҳанифа, Эларнинг энг ози бир кун деса, имом Абу Юсуф, унинг энг кўпи бир кун деган. Имом Муҳаммад фикрига кўра эса, бир соат ўтирилса ҳам, Э. ҳосил бўлади. Э. масжидда қилинади. Фақат табиий ҳожатларини қондириш - таҳорат, ғусл учун ёки жума намозига бориш учунгина масжид тарк этилади. Ҳожатдан ортиқча бир соат ушланиб қолса, Э. бузилади. Муътакиф масжидда ухлайди, овқатланади, эҳтиёжига зарур нарсаларнигина савдо қилади. Э. пайти фақат ухровий (охиратга оид), хайрли сўзларни гапиради. Кўп кунлик Э.да кечалари ҳам масжидда қолади. Бир кунлик ният қилинса, тонг отмасдан кириб, кун ботгач чиқади. 2 ёки ундан ортиқ кунлик Э. учун киши масжидга қуёш ботишидан олдин кириши ва ниятдаги муддат тугагач, қуёш ботганидан сўнг масжиддан чиқиши керак.