Довуд - (ас) - Қуръонда номи зикр қилинган "Бани Исроил" қавмидан чиққан пайғамбарлардан бири. Аллоҳ Д.(ас)га пайғамбарлик билан бирга подшоҳликни ҳам берган. Д.(ас)га Аллоҳ Забур китобини туширган. Забурни аҳди китоблар ал-Мазомир деб атайдилар. Бу китоб, асосан, диний шеърлар, Аллоҳни улуғлайдиган байтлар, Аллоҳнинг савоб ва иқоблари васфини ўз ичига олган. Д.(ас)нинг исмлари Қуръонда ўн олти ўринда зикр қилинган, унда Д.(ас) ҳақида гоҳида мухтасар ва гоҳида мукаммалроқ тарзда маълумот берилган бўлиб, булар бир-бирини тўлдиради. Д.(ас) Толут (Шовл) аскарлари сафида хизмат қилиб юрган чоғларидаёқ, душманлар саркардаси Жолут (Жулиёт)га қарши яккама-якка муборазага чиқиб, ғолиб бўлганлар ва халқ орасида ном қозонганлар. Д.(ас)нинг ҳаёт кечириш тарзлари ҳам ўзгача эди. Кунларни тўрт қисмга бўлиб қўйгандилар. Бир кунни фақат ибодат билан ўтказардилар. Бир кунни халқ орасида юриб, шунга қарата ҳукм чиқарар эдилар. Бир кунни халққа ваъзу иршод этиш билан яна бир кунни ўзларининг шахсий ишлари билан ўтказардилар. Аллоҳ Д.(ас)га бир неча мўжизалар инъом этган эди, шулардан энг асосийси темирларни ўтда қиздириб, болғада уриб ўтирмай ундан ҳар хил нарсалар ясашлик қобилиятига эга эдилар. Темир Д.(ас)нинг қўлларида гўё шамдек енгил ва осон тарзда ҳар хил шаклга кирарди. Бу борада Қуръонда Сабаъ сураси 10-11- оят ва Анбиё сураси 80-оятда баён қилинган. Қуръонда Д.(ас) ниҳоятда Аллоҳга ихлосли, ҳар доим зикру ибодатда бўлганликлари бир неча оятларда мадҳ этилган. Д.(ас) шундай хушовоз эдиларки, тасбеҳ айтиб Аллоҳга муножот қилганларида, тоғлару қушлар ул зотга қўшилиб тасбеҳ айтишарди. Лекин буни Д.(ас)дан бошқа одамлар сезмас эдилар. Шунингдек, Аллоҳ Д.(ас)га мукаммал илм, даъволашувчи томонлар орасида одилона ҳукм қилиш қобилиятларини ато этганди. Бу ҳакда Сод сурасининг 17-19-оятлари нозил бўлган. Д.(ас) вафотларидан сўнг, барча мулк ва пайғамбарлик ўғиллари Сулаймон (ас)га мерос бўлиб қолди.