Диний ўқув юртлари - илоҳиётни ўқитиб, руҳонийлар тайёрловчи мактаблар. Ислом динида мадрасалар илк Д.ў.ю. ҳисобланиб, улар диний ва тарихий асарларда 9-а.дан тилга олина бошлаган. Уларда кўп асрлар мобайнида илоҳиёт, тил ва шариат дарслари билан бир қаторда, фалсафа, амалий фанлар ҳам ўқитилган. Кейинчалик мадрасаларда, асосан, диний таълим бериладиган бўлди. Фақат айрим мусулмон дорилфунунларида таълим аввалгисича қолди. Ҳозир жаҳондаги кўп мамлакатларда олий, ўрта ва бошланғич маълумот берувчи кўплаб Д.ў.ю. мавжуд. Ислом мамлакатларида ҳозир ҳам мадрасалар асосий Д.ў.ю. ҳисобланади. Миср Араб Республикасида ал-Азҳар, Тунисда Зайтуна, Ҳиндистонда Алигарх, Покистонда Панжоб, Туркияда Анқара диний дорилфунунлари ва б. мавжуд. Ўзбекистонда 12 та Д.ў.ю. фаолият кўрсатади. Булар: Тошкентдаги Имом ал-Бухорий номли ислом ин-ти, "Кўкалдош", Бухородаги "Мир Араб" мадрасалари, шунингдек, Тошкентдаги "Хадичаи Кубро", Бухородаги "Жўйбори Калон" аёл-қизлар ислом ўрта махсус билим юртлари, Намангандаги "Мулла Қирғиз", Урганчдаги "Фахриддин ар-Розий", Нукусдаги "Муҳаммад ибн Аҳмад ал- Беруний", Андижондаги "Саид Муҳйиддин Маҳдум" ислом ўрта махсус билим юртлари ва б. Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилгани учун Д.ў.ю. давлат халқ таълими тизимига кирмайди.