Диний ташкилотлар — диний эҳтиёжларни биргаликда қондириш ёки қондиришга кўмаклашиш мақсадида тузиладиган ва диний маросимларни адо этиш асосида иш кўрадиган ихтиёрий, тенг ҳуқуқли ва ўз-ўзини бошқарувчи уюшма. Айни вақтда фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатловчи тузилмалардан бири ҳисобланади. Д. т. ларнинг энг муҳим белгиси уларнинг ўз-ўзини бошқаришидир, яъни, улар маъмурий жиҳатдан давлат идораларидан ажратилган. Д.Т.ларнинг фаолияти қонунларга зид келмаса, давлат уларнинг ички ақидавий ишларига аралашмайди. Улар ўз устав (низом)ларига мувофиқ ташкил топиш ва иш юритиш, ходимларни танлаш, тайинлаш ва алмаштириш ҳуқуқига эгадир. "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Қонунида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русмлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар ва б.) Д. т.лар деб эътироф этилади. Тегишли устав (низом) асосида фаолият юритувчи республика диний уюшмалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади. Вилоят, туман ва шаҳар, шаҳарча ва қишлоқ ҳудудида бўлган Д. т.лар тегашли вилоятлар, шунингдек, Тошкент ш. ҳокимияти адлия бошқармалари томонидан рўйхатга олинади. Д. т. рўйхатга олингандан сўнг у юрвдик шахс деб тан олинади. Д. т.лар тасарруфида бинолар (масжидлар), транспорт воситалари, пул ва б. мулклар бўлиши мумкин. Д. т.ларнинг мулкий ҳуқуқи қонун томонидан ҳимоя қилинади.