Дев - (форс. - див) - қад. Эрон мифологиясидага баҳайбат ёвуз кучлар. Лекин, улар баъзан сеҳргар, коҳин, авлиёларга бўйсунган бўлса, яхши фойдали ишларни ҳам бажаради деб тасаввур этилган. Д. ҳақидаги тасаввур зардуштийликдан исломга ҳам ўтган, улар ёвуз руҳлар деб талқин этилади. Ўтмишда Ўрта Осиё халқлари орасида турли қиёфадаги Д.лар (этти бошли, бир кўзли, бадани жун билан қопланган ва ҳ.к.) тўғрисидаги тасаввурлар мавжуд бўлган. Уларга атаб ҳар хил урф-одатлар (махсус овқатлар тайёрлаш, чироқ ёқиш, жонлиқ сўйиш ва б.) ўтказилган. Ҳоз. вақтда ҳам айрим диндорлар онгида Д. тўғрисидаги тасаввурлар сақланиб қолган.