1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Даҳрийлик -

Даҳрийлик - (араб. даҳр - вақт, такдир, фалак) - ислом пайдо бўлмасдан илгари араб жамиятида кенг тарқалган ақида. "Ўлим", "такдир", "ажалнинг етиши" маъноларини англатган. Бу ақидага кўра, инсоннинг тақтсири олдиндан белгилаб қўйилган, у эркин ирода ёки ихтиёр эгаси эмас, пешонасига "ёзилган" нарса албатта содир бўлади ва ундан қутулишнинг иложи йўқ. Жоҳилия арабларида нариги дунё борлигига, бу дунёда заҳмат чекканга у дунёда ажр, гуноҳ ишлар қилганларга азоб берилишига ишонч йўқ эди. Борлиқнинг эгаси, олий ҳокими сифатида муайян бир худо эмас, қандайдир "даҳр", тақдири фалак, инсон иродаси билан ҳисоблашмайдиган ва ундан юқори турадиган тасодифий ўзгаришлар жараёни тасаввур қилинарди. Уларнинг эътиқодича, ўлимдан сўнг ҳамма нарса тугайди, шунинг учун бугунги кун билан яшаб қолиш керак. Бундай ҳиссиёт Қуръонда қуйидаги сўзлар билан ифодаланган: "Улар дейдилар: фақат битта - бу дунёдаги ҳаётимиз бор - яшаймиз ва ўламиз; бизни даҳр (вақт, такдир) ҳалок қилади" ("Жосия" сураси, 24-оят). Кейинчалик, ислом адабиётида "даҳрий" сўзи "мўмин" сўзининг зидди сифатида ишлатила бошланди. 19-а.да Д. атамаси "материалист" (моддиюн) тушунчасининг истилоҳи синоними сифатида қўлланилган. Ўрта асрларда бир қанча олим, мутафаккир ва шоирлар (мас., Мансур ал-Ҳаллож) Д.да айбланиб, шафқатсиз жазоланган. Ҳозир ҳам мусулмон дунёсида Д. қораланади. Д. ва атеизм бир маънони англатмаса-да, шўролар даврида уларни синоним сўз сифатида ишлатиш расм бўлиб қолган эди.