Даббат ул-Арз - (араб. - Ер ҳайвони) - охир замон келганининг бир аломати сифатида чиқиб келадиган Ер ҳайвони. Бу хусусда Қуръони каримда хабар берилган: "Қачон (кофирларнинг) устига сўз-азоб тушганида (яъни, қиёмат яқинлашиб қолганида) Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар" (Намл, 82-оят). Д. ул-а.нинг, яъни ер ҳайвонининг чиқиши ҳақида кўпгана ҳадислар ворид бўлган. Лекин уларнинг ҳаммасини ҳам саҳиҳ деб бўлмайди. Айниқса, бу жониворларнинг сифатлари келтирилган хабарлар саҳихликдан йИроқдир. Аслида, мўмин одамга унинг васфини билишдан маъно йўқ. Ер ҳайвонининг чиқиши қиёмат аломатларидан экани, кофирлар азобга мустаҳиқ бўлиши, энди уларнинг тавбаси қабул этилмаслиги, қилмишларига яраша ҳукм қилиниши, ўша жониворнинг уларга гапириши, унинг мўминга ҳам, кофирга ҳам таниш бўлишини ифодаловчи Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар ҳужжати билан кифояланиш шарт. Ҳайвоннинг гапириши ғайритабиий туюладиган кишиларга жавоб шулки, уни яратган Зот гапиртиришга ҳам қодирдир. Д.ул-а. чиққан куни Аллоҳ таолонинг оятлари ва охират кунини инкор қилувчи одам қолмайди. Лекин, юқорида айтиб ўтилганидек, ўша кунда келтирилган имон, тавба, истиғфор ва амаллар қабул қилинмайди.