1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Ашоб ал-Каҳф -

АШОБ ал-КАҲФ, Ашоби каҳф (араб. "ғор эгалари", "ғор одамлари") - ўз замонлари подшоҳи Дақёнус (император Детсий) зулмидан қочиб, Роббиларига бўлган имонларини сақлаш мақсадида ғорга кириб яширинган ва Аллоҳ таолонинг иродаси, илоҳий мўжиза билан кўп йиллар ухлатиб қўйилган ёш йигитлар ва уларнинг ити. Аллоҳнинг инояти билан улар 309 й.дан сўнг уйғонишади. Оятда бу мўжизани Аллоҳ таоло кейинги умматлар қиёматга ва ўлгандан кейин тирилиш ҳақ эканига ишонч ҳосил қилсинлар деб содир этган, дейилади. Узоқ уйқудан уйғонган йигитлар учун гўё куннинг бир қисми ўтгандек туюлган. Улар ораларидан бир кишини вакил қилиб уни таом келтириш учун шаҳарга пул билан жўнатганлар ва бирон-бир киши уни таниб қолишидан эҳтиёт бўлишини тайинлашган. Вакил бозорга бориб пулни берганда, одамлар у қад. замон пули эканлигини билиб қолганлар. Вакил билан муомалада ҳам унинг ўз замонлари одами эмаслигини сезиб қолишган. Хуллас, Аллоҳнинг иродаси билан йигитларнинг сири фош қилиниб, улар ўша давр одамларига танитилган. Вақт ўтиши билан шаҳар аҳолиси ҳам имонга келган эди. Улар каҳф эгалари ҳақидаги қиссани яхши билишарди. Шунинг учун бозорга келган вакилни дарҳол таниб олишади. Шаҳар аҳолиси ғор устига масжид бунёд этишган, сўнгра улар каҳф аҳли неча киши эканлиги (3,5,7 киши) ва улар қанча муддат ғорда бўлганликлари ҳақида тортишганлар. Уларнинг адади ва қанча муддат ғорда бўлганликлари ёлғиз Аллоҳга аёндир. Қуръони каримнинг "Каҳф сураси"да А.к. ҳақида батафсил ҳикоя қилинган. Ислом оламининг турли ерларида - Кичик Осиё, Сурия, Фаластин, Яман, Мағриб, Испанияда гўё "А.к. яширинган ғор" деб ҳисобланувчи ғорни кўрсатадилар. Баъзи ривоятларга кўра, А.к.нинг номлари: Амлихо, Макшалино, Машлино, Марнуш, Дабарнуш, Шознуш. Кашфиттанус ҳамда итнинг номи - Қитмир бўлган.