АНСОРЛАР (араб. - ёрдамчилар, сафдошлар) - Муҳаммад (сав) саҳобалари бир табақасининг номи. 622 й. Маккадан Мадинага кўчиб борган мусулмонлар (муҳожирлар)га ва Муҳаммад (сав)га ёрдам берган ҳамда ислом динини қабул қилган мадиналик Авс ва Ҳазраж қабилаларининг аъзолари. А. муҳожирлар билан бирга илк мусулмонлар жамоасини ташкил этган. А. билан муҳожирлар ўзаро муносабатларини битимлар орқали белгилаган. А. Бадр жангидан эътиборан Муҳаммад (сав)нинг Макка мушрикларига қарши юришларида фаол иштирок этишган. Ҳарбий ўлжа тақсимланганда муҳожирлардан кейинги навбатда турганлар. Кейинга сиёсий воқеаларда ҳам А.нинг ўрни катта бўлган. Муҳаммад (сав) вафотларидан сўнг улар ўз ичларидан халифа сайлашга уриниб кўрганлар. Лекин халифалик кўпчилик овози билан Абу Бакр Сиддиққа насиб бўлган. А. ҳадис ровийлари сифатида ҳам машҳур.