АНБАР ОНА, Амбар она- халқ оғзаки ижоди ва ислом анъаналарида аёллар машғулотининг ҳомийси, пири. Ривоятларга кўра, у даставвал шайх Ҳаким отанинг завжаси бўлган, у вафот этгач, Занги отага турмушга чиққан. А.о. ҳақида ҳосилдорлик маъбудалари, жумладан Авестодаги Анахита маъбудасига ўхшатиб баён этилган афсоналар ҳам бор. Шунингдек, А.о.ни кўп йиллар сарсон-саргардонликда йўқолган ўғлини қидирганлиги, лекин уни топа олмаганлиги ҳақидаги ривоятлар сақланиб қолган. А.о.га бағишлаб ўтказиладиган урф-одат ва маросимларнинг кўпчилиги сув тошқини, бола туғилиши ва ҳосилдорлик билан боғлиқ бўлган. Сумалак учун тайёрланган буғдойнинг тез ёки секин униб чиқиши ҳам А.о. номи билан боғланган. А.о.га бағишлаб ўтказиладиган тадбирларда отин бибилар, доялар, сеҳргарлар, парихонлар иштирок этиб, улар А.о. ҳақида тўқилган ривоятлар ёрдамида турли ирим-сиримларга ишонган содда кишиларни алдаб, бойлик орттирганлар.