АМР ибн УБАЙД (699-761) - муътазилийлар оқими асосчиларидан бири. Балхда туғилган. Отаси билан Басрага кўчиб бориб, Ҳасан ал-Басрийдан таълим олган. Баъзи ўрта аср илоҳиётчилари исломдан муътазилийлар оқимининг ажралиб чиқишига Восил ибн Ато эмас, балки А.и.У. сабабчи деб ҳисоблайдилар. Аслида эса, мутазилийларнинг ақлга таянувчи алоҳида оқим бўлиши Восил ибн Атонинг хизматидир. Аммо А.и.У. ҳам истеъдодли шахс сифатида муътазилийлар таълимотини шакллантиришга сезиларли ҳисса қўшган.