1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Амир ул Ҳаж -

АМИР ул ҲАЖ, Амирал-Ҳаж - ҳаж бошлиғи, ҳожилар карвони раҳбари. Ҳаж зиёратига келувчиларга раҳбарлик қилиш одатини Муҳаммад (сав) белгилаб берганлар. Пайғамбар (сав) 631 й. Абу Бакр Сиддиққа Мадинадан Маккага борувчи карвонга ҳаж амири сифатида бошчилик қилишни, унга ғайридинлар қўшилиб қолмаслиги устидан назорат қилишни топширганлар. 632 й. Муҳаммад (сав) нинг ўзлари "видолашув ҳажи" ("ҳаж ул видо")га бошчилик қилиб, ҳаж маросимларига доир бир қанча муҳим кўрсатмаларни берганлар. Ҳажга раҳбарлик қилиш ёхуд А. ул Ҳ.ни тайинлаш ҳуқуқи халифаларда бўлган. 13-а.да А. ул Ҳ.ни тайинлаш ҳуқуқи мамлук султонларига ўтган, айни шу вақтдан эътиборан Маккага йўл олган ҳожиларнинг асосий тўпланадиган ерлари (мас., Дамашқ)да ташкил этилган карвонбошилар ҳам А. ул Ҳ. деб атала бошлаган. Маккага борувчи ҳожиларнинг асосий карвонини тайёрлаш ва жўнатишга Усмонийлар даврида ҳам катта эътибор берилган. А. ул Ҳ. томонидан қуролли гуруҳ ажратилиб, унга Ҳижозда Туркиянинг мавқеини кучайтириш бўйича муҳим вазифалар юклатилган. 20-а.нинг 20-й.ларида Саудия Арабистони қироли Ибн Саъуд давлат ҳудудида А. ул Ҳ.нинг ҳар қандай сиёсий фаолият юргизишини тақиқлаб қўйган. А. ул Ҳ. вазифалари карвондаги тартибни сақлаш ва дипломатик топшириқларни бажо келтириш билан чекланиб қолган. 1954 й. ҳажга борувчиларнинг асосий қисми тўпланадиган Мисрда А. ул Ҳ. унвони бекор қилиниб, ўрнига "ҳожилар гуруҳи раҳбари" (раъис баъсат ал-ҳаж) тайин этилган.