1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Алихонтўра -

АЛИХОНТЎРА Шокирхўжа ўғли (тахаллуси Соғуний; 1885.21.3, Тўқмоқ- 1976,  Тошкент) дин ва давлат арбоби, уламо, таржимон. Тахаллуси туғилган шаҳрининг қисқа  номи - Боласоғун билан боғлиқ. Арабистон (Мадина)да ва Бухоро мадрасаларида таҳсил  олган. Чор маъмуриятининг ерли аҳолини мардикорликка олиш сиёсатига қарши чиққанлиги  учун подшо махфий полицияси таъқибида бўлган. 1916 й. сиёсий муҳожир бўлиб Қашқар (Хитой)га кетган. Омма орасида ҳуррият учун кураш ғояларини тарғиб қилганлиги сабабли 1937 й. Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган. 1941 й. озод қилинган. 1944 й. Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, А. Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланган. Миллий қўшин ташаббускори бўлган ва унга қўмондон этиб тайинланган. 1946 й.дан умрининг охиригача илмий, ижтимоий  фаолиятини давом эттирган. Аҳмад Донишнинг "Наводир ул-вақое", Дарвиш Али Чангийнинг "Мусиқа рисоласи", шунингдек, "Темур тузуклари" каби асарларни таржима қилган. А.нинг "Девони Соғуний" шеърий тўплами, "Тарихи Муҳаммадий", "Шифо ул-илал"
("Хасталиклар давоси") ва б. асарлари бор. "Тарихи Муҳаммадий" (ёки "Муҳаммад тарихи" асарини А. 1959 й. ёзиб тугаллаган, лекин у муаллиф вафотидан кейин чоп этилган (1991 ва 1997). Асар 2 китобдан иборат, унда Муҳаммад (сав)нинг ислом дини вужудга келиши ва ривожланишидаги хизматлари муфассал ёритилган, дин йўлида қилинган ғазотлар, ислом дипломатияси, ғоялари, амалиёти ва ютуқлари таҳлил этилган, Муҳаммад (сав)нинг шахсий ва оилавий ҳаёти, пайғамбарлигини тасдиқловчи мўжизалар баён қилинган. А. тарихий меъморлик обидалари ва қад. қўлёзмаларни сақлаб қолишда жонкуярлик қилган. Тошкентдаги Шайх Зайниддинбобо қабристонига дафн этилган.