АЛИ АВЛОДЛАРИ - Али ибн Абу Толиб авлодлари. Манбаларга кўра, Али (кв)нинг турли хотинларидан (8 ёхуд 9) кўплаб фарзандлари - 14 (ёки 18) ўғил ва 19 (ёхуд 17) қизи бўлган. Уларнинг ичида тарихда энг машҳурлари Муҳаммад (сав) қизлари Фотимадан туғилган Ҳасан ва Ҳусайн ҳамда бану ҳанифа қабиласидан бўлган хотинидан туғилган Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия ҳисобланади. Айнан мана шу уч фарзанддан тарқалган тармоқ олий ҳокимиятга даъвогар бўлишган. Шиаликдаги имомийлар оқими тан оладиган 12 имомдан 9 таси Ҳусайн тармоғига мансубдир. Исломнинг деярли бутун тарихи мобайнида А.а. ёхуд уларнинг тарафдорлари олий ҳокимиятга эришиш йўлида қуролли ва ғоявий кураш олиб борганлар. Улар имоматга фақат А.а. ҳукмрон бўлиш ҳуқуқига эга деб ҳисоблайдилар. Кураш жараёнида халифаликнинг турли чеккаларда А.а. бош бўлган имоматлар барпо этилган. Уларнинг ичида энг машҳурлари Марокашдаги Идрисийлар (789- 926), Шимолий Африка, Миср ва Суриядаги Фотимийлар (909-1171), Ямандаги Рассийлар (9-а. бошидан 1281 й.гача), Табаристон (863-64 - 928) ва Яман (1592-1962)даги Зайдийлар сулоласи ҳисобланади. Ҳоз. вақтда кўплаб А.а. барча мусулмон мамлакатларида яшайдилар. Улар имтиёзли ҳуқуқларга эга бўлиб, яшил салла ўрайдилар ва саййидлар ёхуд шарифлар деб аталадилар. Тор маънода А.а. алавийя деганда "ашаддий" шиалар жамоаси - нусайрийлар тушунилади. Халқ фикрига кўра, Фотимадан тарқалган А.а. Ўзбекистонда "сайидлар" ёхуд "тўралар" деб аталади. Али (кв)нинг бошқа хотинларидан тарқалган авлодлари "хўжалар"га киради