АЗРАҚИЙЛАР - хорижийлардан ажралиб чиққан ўта муросасиз фирқа тарафдорлари. Асосчиси - Нафи ибн ал-Азрақ (685 й. в.э.). 7-а. нинг 2-ярмида араб халифалигининг шарқий ҳудудида хорижийлар ҳаракати кучаяди. А.нинг умавийлар халифалигига ҳамда шиаларга қарши қаратилган энг йирик исёни Ироқ ва Эронда бошланди ва 15 й. давом этди (684-699). Қулларни озод этгани, эзилганларни ҳимоя қилгани учун қишлоқ аҳолиси, айниқса форслар А.ни қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга А.нинг исломдаги бошқа оқимларга нисбатан мутаассибларча муросасиз ва қаттиққўллиги, ўз қарашларига қўшилмаган барча кишилар, шу жумладан аёл ва болаларни ҳам ўлдиришни талаб қилиши, зинога белгиланган жазони бекор этиши А. ҳаракатининг ижтимоий негизини сусайтирди. А. тарафдорлари 8-а.даёқ бутунлай йўқолиб кетган.