1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Абулқосим Ҳаким Самарқандий -

АБУЛҚОСИМ ҲАКИМ САМАРҚАНДИЙ, тўлиқ номи Ишоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Зайд (856-946) -ҳанафийлик мазҳабининг кўзга кўринган назариётчиси, ҳаким. Самарқандда туғилган. Ёшлигида илм олиш учун Балхга борган, у ерда Абу Бакр Варроқ Термизийдан тариқат таълимини олган. У калом, фиқҳ ва тафсир илмларини чуқур ўрганиб, ўша даврнинг машҳур шайхларидан ҳадис ва ривоятлар эшитган. Манбаларга кўра, кейинчалик у Самарқандга келади, қози лавозимида ишлайди ва шу ерда вафот этади. Уламолар сомонийлар амири Исмоил Сомонийга мурожаат қилиб, Мовароуннаҳрда авж олган турли мазҳаб ва фирқаларни келиштириш учун ақидалар мажмуи бўлган бир китоб яратишни тавсия этадилар. Амир китоб ёзишни А.Ҳ.С.га топширган. Шу тариқа "асСавод ул аъзам" ("Кўпчилик томон") китоби вужудга келган. А.Ҳ.С. ўзига хос калом мактабини яратган. У ўз асарида имонни яратилмаган, яъни азалий деб ҳисоблаб, бу фикрга қўшилмаганларни бидъат аҳли деб атаган. А.Ҳ.С. ҳанафий мазҳабининг асосий ақидаларини ҳимоя қилиб, мазҳабни туғилиб келаётган ақлий далиллар воситасида қайта кўриб чиқишга қарши турган, ақидавий ихтилофга барҳам бериш йўли билан Мовароуннаҳр мусулмонлари ўртасидаги фикрий якдилликни сақлаб қолмоқчи бўлган. У аҳли сунна ва жамоа таълимотининг шаклланишига муҳим ҳисса қўшган.