АБУ ХАФС КАБИР Бухорий (767 - Бухоро - 832) - ислом оламининг буюк фиқҳшунос олими. Имом Бухорийнинг замондоши. Бухородан Бағдодга бориб, имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (804 й. в.э.)га шогирд тушган. А.Ҳ.К. ислом қонуншунослиги асосларини яратган йирик олим бўлган. Наршахийнинг ёзишича, унинг шарофати билан Бухоро "Қуббат ул-ислом" - "Ислом динининг гумбази" унвонини олган. Абу Ҳафснинг ўзига "Кабир Бухорий" - "Бухорийларнинг каттаси" ва "Ҳожатбарор имом" деган унвонлар берилган, ўғли Абу Абдуллоҳ (Абу Ҳафс Сагир Бухорий; 877 й. в.э.) ҳам отаси цингари фиқҳ илмида пешқадам бўлган. А.Ҳ.К. фиқҳнинг турли масалалари ёритилган "Ал-Аҳвў вал-ихтилоф" ("Ҳавойи гаплар ва келишмовчиликлар"), "Ар-радду алал-Лафзийя" ("Юзаки қаровчиларга раддия") ва б. асарлар ёзган. А.Ҳ.К. Бухородаги Дарвозаи нав қаршисидаги тепаликда дафн этилган. Бухороликлар у жойни муқаддас санаб, "Ҳақраҳ" ("Ҳақ йўл") ва Хожа Имом Абу Ҳафс деб атаганлар. Мустабид совет тузуми даврида унинг қабри ва атрофидаги меъморий ёдгорликлар бузиб ташланган.