АБУ ҲАНИФА, Нуъмон ибн Собит ал-Куфий; Имоми Аъзам (699 - 767) - илоҳиётчи, фиқҳшунос, муҳаддис, улуғ имом, ҳанафийлик мазҳаби асосчиси. Куфада туғилган. "Имоми Аъзам" (буюк имом) - улуғлиги эътироф этилиб берилган унвон. Ўзига тўқ, зодагон оиладан бўлиб, олим ва фозил инсонлар орасида вояга етган. Отасидан қолган катта бойликни илм йўлида сарф этган. Ёшлигидаёқ Қуръонни ёд олган. Калом илми ва мантиқни ўрганган. 22 ёшида ироқлик улуғ аллома, илоҳиётчи Ҳаммод ибн Абу Сулаймонга шогирд тушиб, унинг таълимини олган. Кейин Куфа ва Басранинг энг обрўли фақиҳи бўлиб етишган ва ўзи шогирдлар тарбиялаган. Камтар, меҳрибон ва ўта саховатли, ниҳоятда тақводор инсон сифатида ҳурмат қозонган. Унинг қирқ йил мобайнида хуфтон таҳорати билан бомдод намозини ўқигани, 55 марта ҳаж қилгани ҳақида ривоят бор. 747-48 й.ларда А.Ҳ. Ироқ ҳокими ибн Ҳубайра таъқибидан қочиб Маккага кетган. Аббосийлар ҳокимият тепасига келгач, Ироққа қайтиб уламолик фаолиятини давом эттирган. Халифа ал-Мансур (754-775) унга янга пойтахт Бағдодда қозилик ёки бошқа истаган юксак лавозимни таклиф қилган. Бироқ А.Ҳ. бу таклифни қатъиян рад этган. Шунда Мансур уни қамаб, турли қийнокларга солган. А.Ҳ. кўп ўтмай Бағдодда вафот этди. Мансур А.Ҳ.га заҳар ичирган ва у шу сабабдан шаҳид бўлган, деган ривоят ҳам бор. А.Ҳ. фиқҳий илмни биринчи бўлиб тасниф қилиб, уни бобларга ажратиб, тартибга солган ва китоб шаклига келтирган. А.Ҳ.нинг илми калом, фиқҳ, ҳадис, сарфга оид бир неча китоблари бўлиб, улар жумласига "Китоб ас-салот" ("Намоз аҳкомлари китоби"), "Китоб ал-Маносик" ("Ҳажкитоби"), "Китоб аш-шурут" ("Шартномалар ҳақида китоб"), "Китоб ал-фароиз" ("Мерос илми ҳақида китоб"), "Китоб ал-олим вал-мутааллим" ("Устоз ва шогирд ҳақида китоб"), "Китоб ал-фиқҳ ал-акбар" ("Катта фиқҳ китоби"), "Китоби ал-васия" ("Васиятнома китоби") ва б. киради. А.Ҳ. фақиҳларнинг устози, имом Шофиъий таъбири билан айтганда, "барча одамлар фиқҳда унинг боқимандалари" эди. Ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмайдиган даражадаги аниқ ҳужжат ва далиллар асосида ҳукм чиқарадиган олим бўлган. А.Ҳ.нинг булардан ташқари ҳадис соҳасида ҳам асарлари мавжуддир. Ўрта аср фақиҳи Абул Муайяд Муҳаммад ибн Маҳмуд Хоразмий А.Ҳ. муснадларини жам қилиб, китоб шаклига келтирган, 1907 й.да Мисрда чоп этилган бу китоблар замонлар оша мусулмонлар таянадиган илмий манба ва асос бўлиб келмоқда. А.Ҳ.дан таълим олган шогирдлар замонасининг етук пешволари бўлиб етишган. Улардан бири Абу Юсуф бўлиб, Ҳорун ар-Рашид даврида қозилик вазифасида ишлаган. Иккинчи шогирди имом Муҳаммад ибн Ҳасан ўз навбатида имом Шофиъийга таълим берган. Ҳадисларни саралашда ниҳоятда моҳир бўлган, ҳар бир масалани далил билан исботлай оладиган Зуфар ибн Ҳузайл ҳам А.Ҳ.нинг кўзга кўринган издошларидандир. Яна бир шогирди Ҳасан ибн Зиёд А.Ҳ.нинг "Ал-Мужаррад", "Қозининг одоби", "Нафақалар", "Фароиз" (Мерос илми), "Хислатлар" каби китобларини ёзиб тугатган. А.Ҳ.нинг ўғли Ҳаммод ва набираси Исмоил ҳам шаръий илмлар борасида етук аллома бўлганлар, турли шаҳарларда қозилик мансабида ишлаган. Хуросонда биринчи бўлиб ҳадисни ёзиб олган Абдуллоҳ ибн Муборак ҳам А.Ҳ.дан таълим олган. Мовароуннаҳрдаги мамлакатларда ва дунёнинг бошқа кўпгина жойларида мусулмонлар А.Ҳ. мазҳаби қоидалари асосида ибодат қилади