1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Абу Сайид Майхоний -

АБУ САЙИД МАЙХОНИЙ (Михоний, Михни), Фазлуллоҳ ибн Абулхайр Аҳмад (967-1049) - тасаввуфдаги шарқий (Хуросон) мактабининг асосчиларидан бири. Хуросон вилоятидаги кичик шаҳарча - Майхонада туғилиб, ўша ерда вафот этган. Отаси сўфийлар билан алоқадор бўлиб, ўғлини ҳам шу даврага бошлаб келган. Сўфийлар йиғинларидан бирида А.С.М.ни шоир Қосим Бишр ибн Ясин (990 й. в.э.)га таништирганлар, у А.С.М.нинг сўфийликдаги биринчи устози бўлган. Кейинчалик А.С.М. ўзининг ваъз-насиҳатларида доимо унинг шеърларидан фойдаланган. Ўсмирлик чоғларида А.С.М. Марвга бориб, беш йил мобайнида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Хисрий (983-1000 й.лар оралиғида в.э.), сўнгра шунча йил Абу Бакр Абдуллоҳ ал-Қаффол (1026 й. в.э.)дан шофиъийлик фиқҳи бўйича илм олган; Сарахсда шофиъийлик фақиҳи Абу Али Зохир ибн Аҳмад (999 й. в.э.) раҳбарлигида тафсир, ҳадислар ва каломни ўрганган. Ўша ерда (тахм. 997 й.) девонаи Луқмон Сарахсий А.С.М.ни Абул Муҳаммад ас-Сарахсийнинг хонақоҳига бошлаб келган, у А.С.М.ни илоҳиёт фанларини ташлашга кўндирган, унга ўзи пир бўлиб, Майхонага қайтишни ва фақат "Аллоҳ" деб зикр бажо этишни топширган. А.С.М. Майхонада 15 й. умр кечириб, шунинг деярли етти йилини тўлиқ узлатда (ёлғизликда) ўтказиб, одамлар нигоҳидан четда, ярим оч ҳолда яшаган. Бу даврда у чиллаи маъқус (бошини пастга қилиб осилган ҳолда 40 кунлик рўза даврида зикрни бажо этиш)ни машқ қилган, уни 40 ёшга тўлгунича (ёхуд ҳатто ундан ҳам ошиқ - 1016 й.гача) бажо этган. Ўзининг биринчи сўфийлик хирқасини А.С.М. машҳур сўфий Абу Абдурраҳмон ас-Суламий (1021 й.в.э.)дан Нишопур ш.да олган, иккинчисини - Амулда сўфий Абул Аббос Аҳмад б. алҚассобдан олган. Ҳаётининг иккинчи ярмини А.С.М. таниқли муршид сифатида ўтказган. У Майхонадаги ўз уйида, шунингдек шаҳар четидага ёлғиз ҳужрасида, баъзан Нишопурга борганда Аданикубан маҳалласида ўзининг кўплаб муридларига ваъз, панднасиҳатлар қилган. А.С.М. томонидан зикри самога мусиқа, рақслар ва шаҳвоний мазмундаги қўшиқларни киритилиши унга нисбатан кескин танқид қилувчиларнинг кўпайишига сабаб бўлди, у шариат йўлидан чекинишда ва ҳатто илоҳиётчилар томонидан кофирликда айбланди. А.С.М. хонақоҳларда яшовчи муридлари учун ахлоқодобнинг 10 та моддасини ишлаб чиққан биринчи сўфий шайхдир. Бунга қўшимча тарзда у муршид учун зарур бўлган 10 та сифатни ва муридлар учун зарур бўлган 10 та хусусиятни кўрсатиб берган. А.С.М. тасаввуфнинг маҳаллий мактабига асос солди. Унинг кўплаб авлодлари кейинчалик бу қарашларни ўзлари яшаган вилоят ҳудудвдан четга тарқата олмадилар. Бу маҳаллий мактаб 1154 й.гача мавжуд бўлиб, шу йили қўзғолон кўтарган уруғлари бутун Хуросонни талон-торож қилганлар ва Майхонани эгаллаган пайтда эса, А.С.М. авлодларидан бўлган 115 кишини қатл қилганлар. А.С.М. қарашлари зиддиятли бўлиб, "худонинг ишқи билан маст" сўфийлар ғоясига яқин. "Бечораларга хизмат қилиш" А.С.М. қарашларига хос хусусият эди. У маломатия таълимотига мувофиқ, қаландарлик билан хайру эҳсон тўплаб, шогирд ва муридларининг, ён-атрофидаги аҳолининг манфаат ва эҳтиёжларини қондиришни ўйлаган. У яратган мактаб амалиёти Мовароуннаҳрга ҳам тарқалган.