АБУ НАЗР САМАРҚАНДИЙ, тўлиқ исми Абу Назр Муҳаммад ибн Масъуд ал-Аъёший ас-Суламий (10-а.) - фиқҳ олими. Хуросонда бош имом бўлган. Араб тилида 200 дан ортиқ асар ёзган. Булардан "Китоб сийрат Умар" ("Умарнинг таржимаи ҳоли китоби"), "Китоб алмуваззаҳ" ("Изоҳланган нарсалар ҳақида китоб"), "Китоб сийрат Муовия" ("Муовиянинг таржимаи ҳоли китоби") каби асарлари диққатга сазовор. Айниқса, унинг "Тафсир ас-Суламий" китоби машҳур бўлиб, унда Қуръони карим тафсир қилинган. Китобнинг Иброҳим ибн Аҳмад ал-Қуммий томонидан қайта ишланган нусхаси бизгача етиб келган.