АБУ МУСЛИМ (лақаби; бошқа лақаблари Або Муслим, Абу Муслим Хуросоний, Абу Муслим Марвазий; асл исми Абдураҳмон) (тахм. 727-755) - Хуросон ва Мовароуннаҳрда умавийлар сулоласига қарши ҳаракат раҳбари. Исфаҳон вилоятидан чиққан қул. Баъзи манбаларга кўра, аббосийларнинг Куфадаги тарғиботчиларидан Исо ас-Саррожнинг қули бўлган, бошқа бир манбаларга қараганда, Исфаҳон вилоятида яшовчи бир араб, йирик ер эгасининг қули бўлиб, 738 й. хўжайини Куфа қамоқхонасига ташланган пайтда А.М. унинг хизматида бўла туриб ас-Саррож билан танишган ва унинг топшириқларини бажара бошлаган. Кейинчалик аббосийларнинг Хуросондаги тарғиботчилари раҳбари Абу Саламага сотилган (ёхуд берилган). 744 й. бошида у билан бирга Хуросонга келган. Кейинчалик А.М. алавийлардан Иброҳим ибн Муҳаммадга маъқул келгани туфайли унга туҳфа қилинган. Иброҳим уни озод қилиб, Абдураҳмон деб исм қўйган ва уни ўзига яқин тутган. 747 й. мартда Иброҳим А.М.ни умавийларга қарши тайёрланаётган ҳаракатга раҳбарлик қидиш учун Хуросонга ўзининг шахсий вакили сифатида жўнатган. Май ойида у Марв воҳасига етиб келиб, бир ой ичида бир неча минг тарафдорларини тўплаган. А.М. қулларга озодлик берилишини ваъда қилган. Хуросон ноиби Наср ибн Сайёр қўшинлари устидан ғалаба қилиб, 748 й. бошида Марвни эгаллаган. А.М. шу ердан туриб Хуросон ва Мовароуннаҳрни эгалланишига раҳбарлик қилган. А.М. Марвда кўпгина қурилиш ишларини олиб борган, илк бор хутбани ўтириб эмас, балки минбарда туриб ўқиган. А.М.нинг ҳукмронлик даври нотинч бўлган: 750 й. умавийлар ўрнига келган аббосийлар сулоласидан норози бўлган Бухоро араблари қўзғолон кўтаришган ва Мовароуннаҳрнинг кўпгина ҳокимлари халифаликдан ажраб чиқишган. А.М. Самарқандгача бориб, унинг истеҳкомларини янгилаган ва Мовароуннаҳрга эгалик қилиш учун кураш бошлаган. 751 й. июлда унинг саркардаси Зиёд ибн Солиҳ Тароз ёнида Хитой қўшинини тор-мор келтирган ва бу билан аббосийларнинг Сирдарё ортидаги ҳудудларига эгалик қилишларини таъминлаган. 752 й. бошида А.М. Марвга қайтиб келган, бироқ оз фурсатдан сўнг Мовароуннаҳр ноиби этиб тайинланган Зиёд исён кўтарган ва А.М.га яна Амударёни кечиб ўтишига тўғри келган. А.М. қудратининг ошиб бораётгани аббосийларни хавотирга солган ва улар уни йўқотиш пайига тушишган. 754 й. май-июнда А.М. ҳажга бориш учун Хуросонни тарк этган. Шу пайтда ас-Саффоҳ вафот этиб, халифалик тахтига ал-Мансур ўтиради. Мансур ҳокимиятини амакиси, Византияга юриш қилган қўшин кўмондони Абдуллоҳ тан олмаган. А.М. исёнчини тор-мор келтирган (754 й.нояб.) ва катта ўлжани қўлга туширган. Мансур ўлжани талаб қилади, бундан ғазабланган А.М. Хуросонга қайтган. Бироқ халифа уни йўлдан қолдириб Мадойин ш.га музокарага чақиртириб келтиришга эришган. А.М. шу ерда 755 й. 12 фев. (ёхуд 27 янв.)да халифа қабулида бўлган чогида ўлдирилган. Саккиз йиллик фаол диний-сиёсий фаолияти даврида А.М. "ашаддий" шиалар таълимотига ёки имоматликка яқинлашмаган бўлса ҳам унинг ўлими замонавий маздакийлар, шиаларнинг бир қанча қўзғолонларини келтириб чиқарган. "Ашаддий" шиаларнинг айрим фирқалари уни имом деб эълон қилган, абумуслимия фирқаси пайдо бўлган. Буларнинг сўнгги акс-садоси Муқанна қўзғолони ҳисобланади. А.М. ҳақида Марвда удум бўлган ривоят, афсоналар кейинчалик форс тилида (унинг туркийча варианти ҳам бор) ёзилган халқ романи - "Қиссаи Абу Муслим" (ўзбекча "Абу Муслим жангномаси")га асос бўлган.