АБУ БАКР ШОШИЙ, Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший (1038-1114)-фиқҳшунос. Шошда туғилиб ўсган, Бағдодда таълим олган. Мадрасани тугатгач, Низомия мадрасасида мударрислик қилган. Асарлари ичида энг машхури "Хилят ал-уламо"("Олимлар чиройи") бўлиб, олим бу асарини аббосийлар халифаларидан Мустазҳир (вафоти 1118 й.)га бағишлаган. Шу китоби туфайли А.Б.Ш. "Мустазҳирий", яъни Мустазҳир тарафдори деган ном таратган. Асарига шарҳ сифатида Шоший "ал-Муътамад" ("Ишончли") китобини ёзган. Олимнинг фиқҳшуносликка оид яна бир йирик асари "аш-Шофий"("Шифо берувчи") бўлиб, у араб олими Абу Иброҳим Исмоил ибн Яҳё ал-Музаний (791-878)нинг "ал-Мухтасар"("Қисқача") асарига шарҳдир. Бу шарҳ 20 жилддан иборат бўлиб, олим уни 5 йил давомида ёзиб тугатган. А.Б.Ш. нинг "аш-Шофия шохобчасининг устуни", "Талоққа оид масала" каби асарлари ҳам бўлган. Шоший араб адабиёти, шеърияти, тилшунослиги, Қуръон, ҳадисни пухта эгаллаган. Фиқҳшуносликдаги билими, тутган мавқеи жиҳатидан уни барча арабийнавис энтсиклопедик китобларда номи зикр қилинганда "Ислом мамлакатларининг фахри" деб атайдилар. А.Б.Ш. Бағдодда вафот этган, қабри шаҳарнинг Боб ал-Шероз мақбарасида, устози ва машҳур олим Абу Ишоқ Шерозий қабри ёнида.