АБДУССАЛОМ ал-МУБОРАКПУРИЙ, тўлиқ номи Абулҳуда Муҳаммад Абдуссалом ибн аш-Шайххон Муҳаммад (1872-1924) -ҳадисшунос, тарихчи. Ҳиндистондаги Муборакпур қишлоғида, зиёли, тақводор оиласида дунёга келган. Қуръони карим, ҳадиси шариф, тафсир, фиқҳ, тарих, ҳикмат ва табобат илмлари бўйича замонасининг энг йирик алломаларидан таълим олган. 22 йил давомида бошланғич ва олий мадрасаларда, сўнг умрининг охиригача "Дор ул-ҳадис ар-раҳмонийя" ун-тида мударрис. Узоқ йиллар олиб борган тадқиқотларига таяниб, ислом илми ва тарихга доир бир қанча асарлар яратган. Улардан "Сийрат ал-Имом ал-Бухорий" ислом оламида машҳур бўлиб, ҳадис илми ва муҳаддислар хусусидаги асарларнинг энг батафсили ва мукаммали ҳисобланади. Бу асар 1955-86-й.ларда Банорасда икки марта нашр этилган.