АБДУЛЛОҲ ибн МУБОРАК, тўлиқ исми Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн ал-Муборак алХанзалий ал-Марвазий (736-797) - иккинчи даражали тобеинлардан; сўфий, муҳаддис. Ҳадис, фиқҳда замонасининг етакчи олими. Хоразм туркийларидан Муборак ибн Возиҳнинг ўғли. Хуросоннинг илмий-маданий маркази Марвда туғилган. Бутун умрини ҳаж, жиҳод, илм ва ибодат йўлига бахш этган. Кўп мамлакатларга саёҳат қилган. Саёҳатларида Абу Ҳанифа билан кўришган ва унинг энг мумтоз шогирдлари сафидан ўрин олган. Сўфийлик, фиқҳ, ҳадисшунослик, тарих, филология ва тафсирга оид асарлар ёзган. 20 минг ҳадисни ўз ичига олган 20 асарини Абу Ҳанифанинг абвоби фиқҳига кўра тартиб этган. Жиҳод ҳақида илк асар таълиф этган ва илк дафъа Арбаъин (қирқ ҳадис) ёзган. А.и.М.дан баҳраманд бўлганлардан бири Аҳмад ибн Ханбалдир. Имом Бухорийнинг отаси - Исмоил А.и.М.нинг шогирдларидан бўлган. Тарсус (Сурия)дан қайтаётганда вафот этган ва Фурот дарёсининг қирғоғидаги Хиш ш.да дафн этилган. Унинг "Китоб аз-зуҳд варрақоиқ" номли 16 жуздан иборат китоби бизгача етиб келган.