Абдулжаббор ибн Ахмад ал-Хамазоний (? - 1025 - муътазилийларнинг йирик мутакаллими, шофиъийлик мазҳаби фақиҳи. Бувайҳийлар даврида муътазилиянинг қайта тикланиши А. фаолияти билан боғлиқ. Каломда у даставвал ашъарийлар таълимотига суянган, сўнгра муътазилийлар қарашларини қабул қилган. Бағдодда яшаган, тахм. 971 й. бувайҳийлар вазири муътазилия каломи ҳомийси ас-Соҳиб ибн Аббод (938-995) томонидан фиқҳдан сабоқ бериш учун Райга таклиф этилган. Райда А. қози ул қуззот этиб тайинланган. А. - калом, фиқҳ ва табиий фанларга овд кўплаб асарлар муаллифи. А.нинг ҳоз. давргача сақланган (1950 й.лар бошида топилган) асарлари, шунингдек уни бевосита шогирдлари Абу Рашид ан-Найсабурий (тахм. 1024 й. в. э.) ва Ибн Маттувайх (1076 й. в. э.) иштирокида ёзган асарлари муътазилия таълимотига оид асосий манба ҳисобланади.