1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Абду -

АБДУ (Абдо) Муҳаммад (1849-1905) -мисрлик илоҳиётчи, жамоат арбоби. Қоҳирадаги ал-Азҳар дорилфунунида таҳсил олган (1869-77). Миллий-озодлик курашида иштирок этганлиги учун ҳибсга олиниб, сўнгра Мисрдан чиқариб юборилган (1883-88); 1884 й.да Парижда Жамолиддин ал-Афғоний билан биргаликда "Ал-Урват ал-вусқо" ("Мустаҳкам бирлик") яширин жамиятини тузган, бу жамият мусулмон зиёлилари орасида катта таъсирга эга бўлган, шу номда газета нашр этган. 1889 й. Мисрга қайтиб келиб, қозилик, ал-Азҳар дорилфунунида мударрислик қилган. 1898 й. "Ал-Манар" журналига асос солган. 1899 й.дан умрининг охиригача Миср муфтийси бўлган. А. ижтиҳод ҳуқуқини илгари суриб, ислом ақидаларини ҳар бир даврнинг шарт-шароитидан келиб чиққан ҳолда талқин қилиш зарур деб ҳисоблаган, баъзи урф-одат ва тақиқларни енгиллаштиришни ёқлаб чиққан. А. "Тафсир ал-Қуръон ал-ҳаким" ("Қуръон тафсири"), "Рисолат ат-тавҳид" ("Яккахудолик тўғрисида рисола"), шунингдек шариат, таълим тизимини ислоҳ қилишга оид 30 га яқин китоб муаллифи.