АБД (араб. - қул, банда) - кенг маънода "қул" тушунчаси; шунингдек, мажозий маънода аксарият мусулмонлар исмининг таркибий қисми (мас., Абдураҳмон, Абдураҳим ва б.). Аллоҳнинг қули, бандаси маъносини билдиради. Қуръонда Аллоҳ билан инсон ўртасидага муносабат хожа билан қул ўртасидаги муносабатга ўхшатилган. Бунга биноан Аллоҳ инсонларга қанчалик ғамхўр бўлса, хожалар ҳам қулларига шундай ғамхўр бўлмоқликлари лозим. Ўз ихтиёри билан қулни озод қилиш солиҳ амаллардан саналиб, у етим ёки камбағални очарчилик пайтида едириб-ичирганида олган савобидек савобга эришади. Хожа ичган қасамини бузса ёхуд атайлаб эмас, бехосдан бирор-бир мусулмонни ўлдирса, ўзига хос хун тўлаш шакли сифатида қул озод қилади. Озод қилинганлик ёзма равишда қайд этилади. Муҳаммад (сав)нинг йигирматача (исмлари маълум) қуллари бўлиб, у зот уларни турли вақтларда озод этганлар; пайғамбар (сав)нинг икки аёллари қул-чўрилардан бўлишган, озод аёлларидан фарқли суратда уларга маҳр берилмаган. Мусулмон ҳуқуқи барча мусулмонларни эркин, озод деб билиб, уларни мусулмон давлатларида қул қилиниши, жумладан қарзи эвазига қулга айлантирилиши мумкин эмас деб ҳисоблайди. Шунга биноан топиб олинган гўдак, ҳанафийлик таълимотига кўра, мусулмонлар яшайдиган юртдан топилган бўлса, мусулмон ва эркин ҳисобланади. Кимда-ким далилларсиз уни қул деб даъво қилса, у қабул қилинмайди. Бироқ қулнинг ислом динига кириши, унинг ўз-ўзидан эркин, озод бўлганини билдирмайди. Қонун меросхўрларнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда, васиятномада қулларни, 1/3 қисмидан ортиғини озод этилишига руҳсат этмаган. Чўри билан турмуш қуриш - унга эгалик қилишнинг шаклларидан бири. Агар туғилган фарзанд хожадан бўлса (хожа уни ўзиники деб тан олса) чўри умм валад ("гўдак онаси")га айланади ва айрим имтиёзларга эга бўлади. Агар хожанинг озод хотини бўлмаса у чўрига уйланиши мумкин бўлган, чўри эса, озод аёлга нисбатан ярим ҳуқуққа эга бўла олган. Унинг фарзандлари эркин ҳисобланган, яъни болалар отага меросхўр бўлганлар. Шунинг учун чўридан тарқалганлик шахснинг шаънига доғ туширмаган. Кўпчилик халифалар (мас., Ҳорун арРашид) чўриларнинг фарзандлари бўлишган. Қуллар хожаларининг розилиги билан оила қуриш ҳуқуқига эга бўлганлар, бу ҳатто Қуръонда ҳам тавсия этилган. Ажралиш учун хожанинг розилигини олиш шарт эмас, ҳатто хожа ўз қулларининг никоҳини бекор қилишга ҳаққи бўлмаган. Диний жиҳатдан мусулмон-қул эркин мусулмонлар билан тенг деб билинган, бироқ жума намозида бўлиш ҳамда закот тўлаш ва садақа бериш унинг учун мажбурий ҳисобланмаган. Борди-ю, намоз пайтида эркин мусулмон бўлмаса, қул имомликка хам ўтиши мумкин бўлган, лекин мустақилликни талаб этувчи биронта ҳам диний мансабларни (қози, муҳтасиб, маош олувчи имом) унга топшириш мумкин бўлмаган. Ислом давлатларида қулчилик 20-а. ўрталаригача сақланиб келган. Жазоирда - 1848 й., Ўрта Осиёда 1865-73 й.ларда расман, амалда эса 20-а. 1-чорагида, Афғонистон, Эрон, Ироқда- 1923-29 й.ларда, Саудия Арабистонида - 20-а.нинг 70-й.ларида бекор қилинган.