Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Муҳаммад ан-Нуҳий ал-Хатиб Насаф аҳлидан бўлиб, ўз шаҳарларида имом-хатиб эдилар. Бу киши фозил, фақиҳ ва узоқ умр кўрган олимлардан эдилар. Самарқандда бу зотдан жуда кўп олимлар ҳадис илмидан таълим олганлар. Исҳоқ ан-Нуҳийдан Абул Маҳомид Маҳмуд ибн Аҳмад ас-Соғаржий ва Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ҳабаший ҳадис ривоят қилганлар. Ан-Нуҳий ҳижрий 433 (милодий 1042) йилнинг сафар ойида таваллуд топиб, ҳижрий 518 (милодий 1125) йил жумодул аввал ойининг ўн тўққизинчисида, жума куни кечаси Насафда вафот этганлар.