1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Жаъфар ан-Насафий ал-Мустағфирий -

Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ан-Насафий ал-Мустағфирий Насафда имом-хатиб эдилар. Бу киши фақиҳ, фозил, кўп ҳадис билувчи муҳаддис, тўғри сўз, фаҳм-фаросатли, маърифатли ва тақводорлардан бўлганлар. Ҳадис жамлаб, китоб тасниф этганлар. Хуросон, Марв, Сарахс шаҳарларида яшаганлар. Кўпроқ Абу Али Зоҳир ибн Аҳмад ас-Сарахсийдан таълим олганлар. Насафда Абу Саҳл Ҳорун ибн Аҳмад ал-Астрободийдан, Бухорода Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Ғунжор ал-Ҳофиздан, Марвда Абул Ҳайсам Муҳаммад ал-Кушмиҳанийдан ва бошқа кўп олимдан таълим олганлар. Қози Абу Мансур Муҳаммад ибн Абдулжаббор ас-Самъоний ва Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад ас-Самарқандий ал-Ҳофиз ҳадис ривоят қилганлар. Абул Аббос ал-Мустағфирий ан-Насафий кўп ҳадис жамлаганлар. Ўз даврларида Мовароуннаҳрда бу кишидай ҳадис жамловчи ва тасниф қилувчи ҳамда ҳадисларни яхши тушунувчи муҳаддис бўлмаган. Ҳижрий 350 (милодий 962) йилда таваллуд топиб, ҳижрий 432 (милодий 1041) йилнинг жумодул аввал ойида Насафда вафот этганлар. Қабрлари Насафнинг водий тарафида.