Абу Наим Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Ғубдиний ишончли муҳаддис, солиҳ, тўғри сўз эдилар. Кўп ҳадис билардилар. Илм ўрганиш учун Хуросон, Ироқ ва Ҳижозда бўлиб, у ернинг машойихларидан таълим олганлар. Бухорода Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад ал-Хайёмдан, Абу Саҳл Ҳорун ибн Аҳмад ал-Астрободийдан ва Абу Амр Муҳаммад ибн Собир ал-Бухорийдан, Насода Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Аҳмад ан-Насавийдан таълим олганлар. Ўзларидан эса Абул Аббос ал-Мустағфирий ан-Насафий ва Абу Али Ҳасан ибн Абдулмалик ан-Насафий ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 341 (милодий 953) йилнинг зулҳижжа ойида таваллуд топиб, ҳижрий 427 (милодий 1037) йилнинг жумодул охир ойида вафот этганлар.