1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Абдулазиз ал-Устуғдодизий -

Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Муҳаммад ал-Устуғдодизий ҳам шу қишлоқдан бўлиб, «Абдулазиз ан-Нахшабий» номи билан танилган эдилар. Ҳофиз ал-ҳадис (ҳадисни ёддан билувчи) эдилар. Илм талабида Ироқ, Ҳижоз, Шом ва Мисрда бўлиб, санади саҳиҳ кўп ҳадисни ўз қўллари билан насх хатида кўчирганлар. Узоқ муддат сафарда бўлганлар. Исфаҳонда кўпроқ турганлар. Кейинчалик ватанларига қайтиб келганлар. Насафда оталаридан ва Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Мустағфирийдан, Самарқандда Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Журжонийдан, Бухорода Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Варроқдан, Марвда Абул Қосим Ҳасан ибн Исмоил ал-Маҳмудийдан, Маккада Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Али ал-Аздийдан ҳамда Бағдод, Шероз, Байт ал-Мақдис, Миср, Искандария ва Тунис уламоларидан таълим олганлар. Ўзларидан эса Абул Ҳусайн Муборак ибн Абдулжаббор ат-Туюрий ва Абу Бакр Муҳаммад ал-Баладий ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 408 (милодий 1018) йилда таваллуд топиб, ҳижрий 456 ёки 457 (милодий 1065 ёки 1066) йили Нахшабда вафот этганлар.