Тункат – Шош шаҳарларидан. Сирдарё ортида жойлашган. Бу шаҳардан кўп илм аҳли етишиб чиққан.
Абу Лайс Наср ибн Ҳасан ат-Тункатий шу қишлоқдан. У кишини «Абул Фатҳ» деб ҳам айтганлар. Ғарб мамлакатларида бўлганлар ва Андалусда бир неча муддат яшаганлар. Машҳур тижоратчи ҳам эдилар. У киши ўша ерлик олимлардан дарс олардилар ва Муслим ибн Ҳажжожнинг «Саҳиҳ ул-Муслим» китобидан дарс берардилар. Ўзларидан кўп олимлар дарс олганлар. Умрларининг охиригача Нишопурда яшаганлар. Одамлар сув ичсинлар деб жомеъ масжидида қудуқ қазганлар. Кўп хайрли ишларга бош-қош бўлганлар. Наср ибн Ҳасан аш-Шоший айтадилар: «Бир кун кемада денгизда сайр қилдим. Денгизнинг қирғоғига етиб борганимда, тошдан ясалган, сувдан кўтарилган, аммо қўли эгри бир суратга дуч келдим. Унда: «Бу ердан ўтма, чунки сени чумолилар ейди», – деб ёзилган эди». У киши ҳижрий 406 (милодий 1016) йилда туғилиб, ҳижрий 486 (милодий 1094) йилнинг зулқаъда ойида Нишопурда вафот этганлар ва «Ҳайрат» қабристонида дафн қилинганлар.