Ийлоқ – Шошдан ўн фарсах узоқликдаги шаҳар. Бу ерга келганлар бундан сўлим ва тоза шаҳарни кўрмаганлар. Сув водийдан келган. Унинг тоғларида тилла ва кумуш бор. Бу ердан кўп олим ва имомлар етишиб чиққанлар. Уларнинг машҳурларидан:
Абу Рабиъ Тоҳир ибн Абдуллоҳ ал-Ийлоқий буюк фиқҳшунос эдилар. Марвда Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Аҳмад ал-Марвазий, Нишопурда Абу Тоҳир Муҳаммад ибн-Маҳмаш аз-Зиёдий ва Бухорода олим Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Ҳасан ал-Ҳалиймий қўлларида фиқҳ илмидан таълим олганлар. Шош аҳли бу кишидан фиқҳ илмидан таълим олган. Абу Наим Абдулмалик ибн Ҳасан ал-Азҳарийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 465 (милодий 1073) йили 96 ёшда вафот этганлар.